Институт маҳсулотлари
Ўзбекистонда об-ҳаво прогнозини янги босқичга олиб чиқувчи замонавий телеграм-бот ишга туширилди
Ушбу @ob_havo_prognoz_bot телеграм-боти фойдаланувчиларга об-ҳаво маълумотларини тезкор ва қулай форматда тақдим этиш имконини беради. Мазкур бот Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво маркази (ECMWF) маълумотлари асосида ишлаб чиқилиб, фойдаланувчиларнинг жойлашувидан келиб чиққан ҳолда қисқа муддатли прогнозларни аниқ ва ишончли шаклда етказиб боради.
Бот орқали яқин кунларда кутилаётган ёғингарчилик қуввати, ҳаво ҳарорати ўзгариши, шамол тезлиги каби муҳим метеорологик кўрсаткичлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, фойдаланавчи ўз ҳудудиди учун ҳар куни соат 08:00 да автоматик равишда янгиланадиган яқин кунлардаги об-ҳаво бўйича долзарб маълумотлар ва эҳтимолий хавфли ҳодисалар ҳақида хабардор бўлади.

Лойиҳанинг яна бир ўзига хос жиҳати ҳар бир туман кесимида сўнгги ярим аср давомида кузатилган ҳаво ҳарорати динамикасини акс эттирувчи график маълумотларнинг мавжудлигидадир.
Институт ушбу платформа имкониятлари асосида давлат ва хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдиради. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув хўжалиги соҳаларида иқлим омилларини ҳисобга олган ҳолда соҳавий стандартлар ишлаб чиқиш, таҳлилий хизматлар кўрсатиш ва илмий-амалий ечимлар таклиф этиш имкониятлари мавжуд. Гидрометеорология илмий тадқиқот институти мазкур дастур учун Адлия вазирлиги томонидан муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасини ҳам қўлга киритди. Янги бот об-ҳаво маълумотларидан самарали фойдаланиш, соҳалар фаолиятини янада такомиллаштириш ва иқтисодий самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ботдан фойдаланиш учун ушбу ҳаволага ўтинг https://t.me/ob_havo_prognoz_bot