Дунёда иқлим ўзгариши ҳудудларда ўртача йиллик ҳаво ҳароратининг юқори кўтарилиб борилиши билан бир қаторда алоҳида мавсумларда қисқа муддатли иссиқлик ва совуқлик стрессларини (аномалиялар) келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг натижасида дунё аҳолиси ўртасида иссиқлик ва совуқлик стрессларидан таъсирланиш орқали ўлимлар сони ҳам ортиб бормоқда. Кўпчилик, фақат ҳаво ҳароратининг ўзгаришигина инсон саломатлигига тўғридан-тўғри таъсир этади деган нотўғри янглиш тўхтамга келишади. Аслида ташқи муҳитда ҳаво ҳарорати билан бир қаторда бир нечта об-ҳаво параметрлари (ҳаво нисбий намлиги, шамол тезлиги, қуёш радиацияси ва бошқалар) инсоннинг физиологик ҳолатига таъсир этиб, ундаги кундалик иш самарадорлигини тўғридан тўғри ўзгартиради.

Бунда инсон физиологияси яъни танасига таъсир этувчи ташқи муҳит ҳолатини юқорида келтириб ўтилган жуда ҳам кўплаб об-ҳаво парметрларини инобатга олувчи биометеорологик индекслар ёрдамида аниқланган биоиқлимий шароитлар орқали аниқлик киритилади.  Биоиқлимий шароитлар метеорологиянинг биометеорология бўлимида ўрганилади.

Биометеорология – амалий метеорологиянинг кўп сонли соҳаларидан бири ҳисобланиб, унинг асосий предмети об-ҳаво шароитларининг инсоннинг физиологик ҳолатига таъсирини ўрганишдан иборат. Ўз навбатида биометеорологиянинг тармоғи ҳисобланган биоиқлимшунослик иқлимнинг инсон организмига таъсирини тадқиқ этади.

Иқлим ўзгаришининг алоҳида олинган минтақаларда намоён бўлиши миллий иқтисодиётларнинг турли тармоқлари, хусусан,туризм соҳасини ривожлантиришда ҳудудлар биоиқлимий шароитларини ҳар томонлама тадқиқ этишни тақозо этади. Жаҳонда комфорт ва хавфсиз иқлимий шароитларни туризмнинг жадал ривожланишида зарурий омил сифатида баҳолаш, иқлим ўзгариши шароитида биоиқлимий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биоиқлимий шароитларнинг инсон организмига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган бир қатор илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу борада, шаҳарсозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт ва бошқа фаолият соҳаларига қулай ва ноқулай шароитларни юзага келтирувчи омиллар, хусусан, атмосфера циркуляцияси шароитларини ўрганишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ҳозирда жаҳонда биоиқлимий шароитларнинг инсон фаолиятига таъсирини тадқиқ этишга бағишланган кўплаб илмий-тадқиқот ишлари бажарилган. Мазкур йўналишда дастлабки тадқиқот ишлари XIX асрнинг охирида А.И.Воейков томонидан амалга оширилган. Ўзбекистонда биометеорология йўналишидаги тадқиқотлар ХХ асрнинг60-90-йилларида Б.А.Айзенштат ва Л.П.Лукина томонидан илк бор амалга оширилган бўлса, ҳозирги вақтда бундай тадқиқотлар Б.М.Холматжанов, А.Н.Нигматов, Ф.И.Абдиқулов, С.У.Бегматов ва бошқалар томонидан давом эттирилмоқда.

Мазкур йўналишда Ўзбекистонда асосан Гидрометеорология тадқиқот институтининг Иқлимшунослик ва иқлим ўзгариши бўлими Иқлимни моделлаштириш лабораторияси илмий ходимлари илмий тадқиқотларни амалга оширмоқда. Институтнинг илмий ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4896-сон қарор ижроси таъминлаш мақсадида АЛ-47-тур20171175 – “Биоиқлимий шароитларни ҳисобга олган ҳолда туризм ҳудудларида турпакетларни диверсификацияловчи ҳамда Ўзбекистон туристик салоҳиятини кўрсатувчи картографик модел ва унинг иловасини яратиш” (2022-2023 йй.) амалий тадқиқот лойиҳаларини бажаришган. Тадқиқот натижаларида олинган илмий маҳсулот Ўзгидромет тармоғида амалиётга жорий қилинган (www.data.meteo.uz).

Биоиқлимий шароитлар ҳаво ҳарорати ва шудринг нуқтаси ҳарорати (ҳаво нисбий намлиги) иштирок этувчи ҳаво қурғоқчилигининг термогигрометрик коэффициенти (ТГК) ёрдамида ҳисобланган. Иссиқлик ҳиссиёти (биоиқлимий шароит) зоналари ArcMap 10.8 дастури муҳитида IDW интерполяциялаш усули бўйича тузилган (1-расм).

Қуйидаги расмда (2-расм) тадқиқот доирасида 2024 йилнинг 22 июнь куни тушдан кейинги 14.00 муддатда республика ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ва республикада бўлиб турган хорижий ва қўшни мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳлар физологиясига таъсир кўрсатувчи ташқи муҳит биоиқлимий шароит зоналари келтирилган(www.data.meteo.uz).

2-расм. Ўзбекистонда иссиқлик ҳиссиёти шароитларининг тақисмоти (2024 йил 22 июнь 14.00 муддут учун)

1 – ўта совуқ, 2 – совуқ, 3 – комфорт, 4 – нисбий комфорт, 5 – иссиқ, 6 – ўта иссиқ

Тадқиқот натижасига кўра, жорий йилнинг 22 июнь куни кундузги 14.00 муддатда Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Сардоба, Бухоро вилоятининг Қўракўл ва Ромитан туманлари ҳамда Навоийнинг “Машиқуд” кузатув пунктида юқори иссиқлик стресслари билан боғлиқ “ўта иссиқ” (6-зона) иссиқлик ҳиссиёт зоналари қайд этилган. Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тоғлиги Кул, Тошкент вилоятининг тоғли Амирсой, Дукант, Қамчиқ ва Чимён метеорологик станцияларида эса “комфорт” иссиқлик ҳиссиёти (3-зона) зоналари кузатилган. Республиканинг бошқа ҳудудларида асосан “нисбий комфорт” (4-зона) ҳамда “иссиқ” (5-зона) биоиқлимий шароитлар устивор бўлган (3-расм). “Совуқ” иссиқлик ҳиссиёти (2-зона) зоналари баланд тоғларда кузатилган.

3-расм. Ўзбекистоннинг боииқлимий шароит картаси (2024 йил 22 июнь соат 14.00 муддат учун)