ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ ОЛИМЛАРИНИНГ СУДОЧЬЕ КЎЛЛАР ТИЗИМИНИНГ ЖОРИЙ ҲОЛАТИ БЎЙИЧА ДАСТЛАБКИ ХУЛОСАСИ
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган “Судочье кўлини қутқаринг!” сарлавҳали мақолада келтирилган маълумотлар юзасидан Оролбўйи ҳудудида жойлашган Судочье кўллар тизимининг сўнгги йиллардаги ҳолати сунъий йўлдош маълумотлари асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида 2020–2026 йилларнинг август ойида олинган Sentinel-2 сунъий йўлдош тасвирлари таҳлил қилиниб, кўлнинг очиқ сув юзаси сув индекси асосида аниқланди. Таҳлил барча йиллар учун бир хил усулда амалга оширилди.
Натижаларга кўра, Судочье кўллар тизимида сув юзаси майдони йиллар бўйича сезиларли даражада ўзгариб турган. 2020 йил август ойида сув юзаси 9 463 гектарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 1 347 гектар, 2023 йилда эса 1 298 гектаргача камайган. Шу билан бирга, 2024 ва 2025 йилларда сув юзаси қайта кўпайиб, мос равишда 2 916 ва
3 604 гектарни ташкил этган.
2026 йил август ойида сув юзаси 2 388 гектарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2025 йилга нисбатан камайган бўлса-да, 2023 йилда қайд этилган энг паст кўрсаткичдан анча юқори. Хусусан, 2026 йилдаги сув юзаси 2023 йилга нисбатан 83,9 фоиз кўп.
Шунингдек, 2020–2026 йиллар маълумотларини таққослаш шуни кўрсатадики, Судочье кўллар тизимида сув юзаси майдонининг камайиши билан бир қаторда айрим йилларда қайта тикланиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Демак, кўлдаги сув майдони бир йўналишда доимий равишда камайиб бораётган эмас, балки йиллар кесимида ўзгарувчан характерга эга.
Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқларда тарқатилган “Судочье кўлини қутқаринг!” мазмунидаги чақириқни мавжуд сунъий йўлдош маълумотлари билан солиштирганда, айни пайтда Судочье кўллар тизимида фавқулодда ёки “жуда ёмон” экологик ҳолат юзага келгани ҳақида хулоса қилиш учун етарли асос мавжуд эмас.
Аксинча, сунъий йўлдош кузатувлари 2026 йилдаги сув юзаси 2023 йилдаги минимал кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори эканини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, 2026 йилда сув юзасининг 2025 йилга нисбатан камайгани ҳам эътиборсиз қолдирилмаслиги лозим.
Шу сабабли, Судочье кўллар тизимидаги ҳолатни “кўл бутунлай қуриб бормоқда” ёки “жуда оғир экологик ҳолатда” деган умумий баҳолар билан ифодалаш илмий маълумотларга тўлиқ мос келмайди. Мавжуд маълумотлар кўлда сув юзаси сезиларли ўзгариб турганини кўрсатади, бироқ бу ҳолатни тўғри баҳолаш учун кўп йиллик сунъий йўлдош кузатувлари билан бир қаторда гидрологик маълумотлар ҳам ҳисобга олиниши керак.
Хулоса қилиб айтганда, Судочье кўллар тизимида сув юзаси майдонининг сўнгги йилларда камайиши ҳақиқатдан ҳам кузатилмоқда, бироқ мавжуд Sentinel-2 маълумотлари асосида 2026 йилда кўлнинг “жуда ёмон” ёки “энг оғир” ҳолатда эканини таъкидлашга асос йўқ. Аксинча, 2026 йил август ойидаги сув юзаси 2 388 гектар бўлиб, 2023 йилдаги энг паст кўрсаткичдан 83,9 фоиз юқори.
Шу билан бирга, кўллар тизимининг экологик аҳамиятини инобатга олган ҳолда уни мунтазам кузатиб бориш, сув юзаси ва сув режимидаги ўзгаришларни сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда ер усти кузатувлари асосида баҳолаш мақсадга мувофиқ. Шундай қилиб, мавжуд таҳлил натижалари Судочье кўллар тизимида муаммо умуман йўқ, деган хулосани ҳам бермайди. Бироқ ижтимоий тармоқларда келтирилганидек, ҳозирги ҳолатни фавқулодда даражада оғир экологик ҳолат сифатида баҳолаш ҳам мавжуд сунъий йўлдош маълумотлари билан тасдиқланмайди



