Қашқадарё ҳавзасида иккинчи илмий дала кузатувлари амалга оширилди
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) илмий ходимлари томонидан Қашқадарё ҳавзасидаги дарёларда иккинчи босқич илмий дала кузатувлари амалга оширилди. Ушбу тадқиқотлар ГМИТИ ва АҚШ Геология хизмати (USGS) ҳамкорлигидаги қўшма лойиҳа доирасида олиб борилмоқда.
Мазкур дала ишлари 2026 йил 30 март – 2 апрель кунлари Қашқадарё ҳавзасида жойлашган Ўзгидромет тизимига тегишли 11 та гидрологик постларда ташкил этилди. Кузатувларда ГМИТИдан 4 нафар илмий ходим ва мутахассислар, шунингдек маҳаллий гидрологлар ва гидрометрлар иштирок этдилар.
Дала кузатувлари давомида дарёларда сув сатҳи ва сув сарфи ўлчанди. Шу билан бирга, сув сифатини баҳолаш мақсадида кимёвий таҳлиллар, оғир металллар миқдори ҳамда сувнинг изотоп таркибини аниқлаш учун намуналар олинди. Замонавий YSI асбоблари ёрдамида сувнинг электр ўтказувчанлиги, ишқорийлиги ва эриган кислород миқдори ҳам аниқланди.
Ушбу кузатув ва ўлчов ишлари ҳудуднинг сув ресурсларини илмий асосда баҳолаш, уларнинг манбалари ва мавсумий ўзгарувчанлигини ўрганиш ҳамда барқарор бошқарув бўйича муҳим маълумотлар тақдим этади.
Дала ишларини ташкил этиш ва амалга оширишда кўмаклашган Қашқадарё гидрометеорология бошқармасига, хусусан Шаҳрисабз станцияси гидролог мутахассиси Ўткир Қўзиевга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.




