ОУЛУ УНИВЕРСИТЕТИ ВA ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ИЛМИЙ-ТAДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ ҲAМКОРЛИГИДA СЕМИНAР-ТРЕНИНГ ЎТКAЗИЛДИ
Жорий йилнинг 6–7 октябрь кунлари Марказий осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green university) Финландиянинг Оулу университети ҳамда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида “Интеграциялашган сув баланси ва энергия таъминоти тизими модели орқали трансчегаравий дарёлар сувларидан самарали фойдаланиш” (TU-Nexus Project) лойиҳаси доирасида икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди.
TU-Nexus лойиҳаси Финландия Ташқи ишлар вазирлиги ва Фанлар академияси томонидан молиялаштирилади ҳамда Оулу университети томонидан мувофиқлаштирилади. Лойиҳа Марказий Осиёда сув, энергия ва озиқ-овқат ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини ривожлантириш, манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва тренинглар ташкил этишни мақсад қилади.
Семинарда Оулу университети профессорлари Bjorn Klove, Ali Torabi Haghighi, илмий ходимлар Amirhossein Ahrari, Matin Rafipour Langeroudi ҳамда Финляндиянинг VTT техник тадқиқот маркази бош мутахассисиJean томонидан қуйидаги йўналишларда маъруза ва амалий машғулотлар ташкил этилди:
TU-Nexus Overview – TU-Nexus лойиҳасининг мақсад ва вазифалари билан таништириш;
Global Challenges in Water Resources – Сув ресурсларидаги глобал муаммолар;
Remote Sensing for Water Resources – Сув ресурсларини масофадан зондлаш орқали таҳлил қилиш;
Hydrological and Glacier Modeling Coupling – Гидрологик ва музлик моделларини интеграциялаш;
Energy–Hydrology Modelling Coupling – Энергетика ва гидрология ўртасидаги боғлиқликни моделлаштириш.
Тренингнинг биринчи кунида иштирокчиларга масофавий зондлаш асослари, спектрал индекслар ёрдамида сув объектларини аниқлаш, Sentinel-2 сунъий йўлдоши тасвирлари асосида сув юзаларини аниқлаш ҳамда Sentinel-3 ва MODIS маълумотлари ёрдамида сув юзаси майдонининг вақт бўйича ўзгаришини баҳолаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Ушбу йўналишларда ёш мутахассисларга замонавий ГAT ва масофадан зондлаш технологиялари асосида таҳлил ўтказиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
Семинарнинг иккинчи куни эса, ёш тадқиқотчиларнинг илмий ва академик салоҳиятини ошириш, нуфузли халқаро журналларда мақолалар чоп этиш, ҳамда ҳамкорликда илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш масалаларига бағишланди.
Оулу университети профессори, нуфузли “Hydrology Research” журналининг бош муҳаррири Bjorn Klove ўз маърузасида ёш тадқиқотчиларга илмий мақола тайёрлаш жараёнида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берди. У, хусусан, Scopus ва бошқа халқаро маълумотлар базасидаги илмий журналлар талаблари, мақолаларнинг илмий янгилиги, методологик аниқлиги, график ва жадвал сифатига, шунингдек инглиз тили меъёрларига риоя этишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, профессор Klove илмий журналлар таҳририй ҳайъати фаолияти, техник таҳрир жараёни, илмий шарҳ тизими ҳамда мақолаларни нашрга тайёрлаш босқичлари ҳақида батафсил маълумот берди. У ўз маърузасида ёш олимларни ўз илмий натижаларини халқаро майдонга олиб чиқиш, жамоавий тадқиқотларда фаол иштирок этиш ва Оулу университети билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида тўхталиб ўтди.
Семинар якунида Оулу университети, Финляндиянинг VTT техник тадқиқот маркази ва Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, 2026-йилдан бошлаб қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда илмий мақолаларни нуфузли журналларда биргаликда чоп этиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқишга келишиб олинди.





