Юқори  малакали  мутахассис,  илмий  географ, география  фанлари  номзоди – Олег  Леонидович  Бабушкин  1944 йил  июн  ойида  Тошкент  шаҳрида  атоқли  илмий  агрометеоролог,  профессор  Леонид  Николаевич  Бабушкин  оиласида  туғилган.  1970-йилда Тошкент  Давлат  университети  (ҳозирги ЎзМУ)  физика факультетини  тамомлаб,  меҳнат  фаолиятини  “Атмосфера физикаси”  кафедрасида  муҳандис,  сўнгра  шу  кафедра  қошидаги  Реактив  оқимлар  муаммоли лабораториясида  кичик  илмий  ходим  сифатида  бошлаган.

1974- 2004  йилларда  Олег  Леонидовичнинг  меҳнат  фаолияти  НИГМИ  билан  боғлиқ  эди.  1986 йилда  “Ўзбекистонда  қоракўл  қўйларининг  қишки  боқиш  зоометеорологик  шароитларини  баҳолаш”  мавзусида  номзодлик  диссертациясини  муваффақиятли  ҳимоя  қилган.  Олег Леонидович  Ўзбекистонда  қоракўлчиликни  зоометеорологик  таъминлаш  муаммоларини  ишлаб  чиқиш  бўйича илмий  изланишларини  давом  эттирди.  Қоракўл  қўйларининг  қишки ўтлаш  шароитига  кўра  Ўзбекистон  чўл-яйлов  ҳудудини  зооклиматик  районлаштиришни  ишлаб  чиқди.

1996  йилда  кун  қаҳрамони  бошчилигида  Т.М. Мухторов  “Ўзбекистон  чўл  зонасида  қоракўл  қўйларининг  қўйлаш  ва  қирқиш  давридаги  зооиқлим  шароитларини  баҳолаш”  мавзусида номзодлик  диссертациясини  ҳимоя  қилган.

Олег  Леонидович  2004  йилдан  бери  2015-йилгача  Ўзбекистон  Миллий  университети  Физика факультети  “Атмосфера физикаси”  кафедраси  доценти  лавозимида  ишлаб,  физика-география факультети  бакалавр  ва  магистрлари  учун  маъруза  ва  амалий  машғулотлар  олиб  борди.  Олег Леонидовичнинг  қатъий  раҳбарлигида  14 та  битирув  малакавий  ва  магистрлик  диссертациялари  тугалланди  ва  ҳимоя  қилинди,  4 та ўқув-услубий  қўлланма  чоп  этилди.

Сўнгги  йилларда  у  яна  НИГМИда Ватанимиз  фаровонлиги  йўлида  муваффақиятли  фаолият  юритиб  келмоқда.  Кун  қаҳрамони  институтнинг  ижтимоий  ҳаётида  фаол  иштирок  этади. Институт  жамоаси  орасида  ҳурмати  баланд.

НИГМИ  жамоаси  Олег  Леонидовични  ҳар  қандай  инсон  ҳаётидаги  яна  бир  муҳим  юбилей – 80  йиллиги  билан  табриклайди.