Қашқадарё ҳавзасида навбатдаги илмий дала кузатувлари амалга оширилди
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) томонидан АҚШ Геология хизмати (USGS) билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳа доирасида Қашқадарё вилоятидаги дарёларда навбатдаги илмий дала кузатувлари амалга оширилди. Ушбу тадқиқот ишлари 2026 йил 13–19 май кунлари ташкил этилди.
Дала кузатувлари давомида Қашқадарё вилояти дарёларининг табиий режим ҳамда бошқариладиган қисмларида сув сифати бўйича тадқиқотлар олиб борилди. Хусусан, сувнинг стабил изотоп таркиби, кислоталилик даражаси ва бир қатор физик хусусиятлари ўрганилди. Шу билан бирга, дарёларда гидрометрик ўлчов ишлари ҳам амалга оширилди.
Тадқиқот ишларида қуйидаги лойиҳа иштирокчилари қатнашдилар:
— ГМИТИ директор ўринбосари Умирзоқов Ғуломжон
— Катта илмий ходим Исабеков Серик
— Кичик илмий ходим Ярашев Дархон
— ЎзМУ магистри Атаев Саиджон
Дала ишлари Қашқадарё вилоятидаги қуйидаги гидрологик постларда олиб борилди:
• Қашқадарё д. — Варганза г.
• Қашқадарё д. — Чироқчи г.
• Қашқадарё д. — Чимқўрғон с.о.қ.
• Аксу д. — Ҳисорак г.
• Аксу д. — Ҳазарнова г.
• Жиннидарё д. — Жауз г.
• Яккабоғдарё д. — Татар г.
• Танхоздарё д. — Каттагон г.
• Катта Ўрадарё д. — Бозортепа г.
• Кичик Ўрадарё д. — Гумбулоқ г.
• Ғузордарё д. — Пачкамар с.о.қ.
Ушбу кузатувлар ҳудуд дарёларининг гидрологик режими ва сув сифати хусусиятларини чуқурроқ ўрганиш, сув ресурсларини илмий асосда баҳолаш ҳамда улардан самарали ва барқарор фойдаланиш бўйича муҳим маълумотларни шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, дала тадқиқотлари доирасида GNIP тармоғи таркибига кирувчи Шаҳрисабз метеорологик станциясида замонавий “PALMEX” типидаги ёғин тўплагич қурилмаси ўрнатилди. Мазкур қурилма атмосфера ёғинларининг изотоп таркибини мунтазам кузатиш ва таҳлил қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Дала ишларини ташкил этиш ва амалга оширишда кўмаклашган Қашқадарё гидрометеорология бошқармасига, хусусан Шаҳрисабз станцияси гидролог мутахассиси Ўткир Қўзиевга ҳамда гидрологик пост кузатувчиларига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.







