2025 йилнинг 16–17 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) “Иқлим ўзгариши шароитида тоғ музликларини мониторинг қилишнинг инновацион усуллари ва гляциологияни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Конференция Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан, Жаҳон банкининг MUNIS дастури, UNESCO ва Халқаро сув бошқаруви институти (IWMI) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ушбу тадбир 2025 йилда нишонланаётган Музликларни асраш халқаро йили доирасида ўтказилди.

Конференцияда маҳаллий ва хорижий олимлар, хусусан Марказий Осиё давлатлари, Германия, Франция, Швейцария, Австралия каби жами 10 дан ортиқ давлатдан 120 нафар иштирокчи қатнашди. Улар иқлим ўзгариши шароитида музликларнинг аҳамияти, уларни масофадан зондлаш ва бошқа инновацион технологиялар ёрдамида мониторинг қилиш, музликларни асраш стратегиялари ҳамда гляциология соҳасидаги замонавий муаммоларни муҳокама этдилар.

Мутахассислар таъкидлашича, агар ҳозирги глобал исиш тенденциялари давом этса, 21 асрнинг иккинчи ярмига келиб Марказий Осиёдаги музликларнинг катта қисми йўқолиши мумкин. Бу эса сув хавфсизлигига, қишлоқ хўжалигига ва гидроэнергетика соҳасига жиддий хавф туғдиради.

Тадбир давомида маҳаллий ва халқаро экспертлар музликларни барқарор мониторинг қилиш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, конференция иштирокчилари ахборот алмашинувини кенгайтириш ва қўшма тадқиқотларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

HMRI-International-conference-16.09.2025.pdf