Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти илмий ҳодимлари БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (COP28) асосий ялпи сессиясида иштирок этди!



Иқлим саммитида COP28 президенти Султон Aл-Жобир кўпчиликка маъқул келадиган таклиф айтди. У иштирокчилардан иқлим ўзгариши сабаб азият чекаётган мамлакатлар учун 420 миллион доллар ажратишни сўради. «Бу миқдор иқлим саммити учун мисли кўрилмаган қадам ва жуда яхши бошланиш бўлди», – деди у.
Британия қироли Чарлз дунё ҳамон иқлим ўзгаришига қарши курашдан «даҳшатли узоқда» эканини айтиб, агар иқлим тезроқ яхшиланмаса, глобал иқтисодиёт хавф остида қолишига сабаб бўлишини таъкидлади. «Биз ташвишли даражага етиб бораётганимизни кўриб турибмиз. Одамлар Ер сайёраси устида қўрқинчли тажриба ўтказмоқда ва табиат дунёсини мувозанат меъёрлари ва чегаралардан ташқарига олиб чиқяпти», – деди у.
AҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис нутқида дунёдаги энг йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида AҚШнинг эмиссияларни қисқартириш ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш бўйича бир неча ташаббусни санади. «Икки йил олдин президент Жо Байден COP26 да саммит саҳнасида туриб, Aмерика Қўшма Штатлари яна иқлим инқирозига қарши курашда глобал лидер бўлишини айтганди. Ҳа, биз бунга ҳаракат қиляпмиз, ўшандан бери Қўшма Штатлар ваъдаларини ҳаракатга айлантирди», – деди Ҳаррис.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз нутқида: «Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ, келишиш тарафдоримиз. Биз Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида Адаптация стратегиясини ишлаб чиқмоқдамиз. Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарур. Бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши шарт. Бу муаммо «Катта еттилик ва йигирмалик» форматларида доимий кўриб чиқилиши мақсадга мувофик. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюцияси асосида Оролбўйи худудини экологик офат зонасидан «инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантирмоқчимиз. Бу ерда Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда яқин ҳамкорликка таклиф этаман» дейди.