2026 йил 2–15 август кунлари Тожикистон Республикасининг Хоруғ шаҳридаги University of Central Asia (UCA), Khorog Campusда “Understanding Cryosphere Hazards: Integrating Glaciers, Glacial Lakes, and Permafrost” мавзусида Summer University 2026 халқаро ўқув семинари ташкил этилди. Семинарда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистондан жами 30 нафарга яқин ёш олим ва мутахассислар иштирок этди.

Мазкур халқаро семинарда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти таянч докторанти, кичик илмий ходим Дархон Ярашев ҳам иштирок этди. Ўқув дастурига Марказий Осиё ва Европанинг илмий ва таълим муассасаларидан мутахассислар жалб қилиниб, улар томонидан криосфера жараёнлари ва тоғли ҳудудлардаги табиий хавфлар бўйича маърузалар ҳамда амалий машғулотлар ўтказилди.

Семинар давомида иқлим ўзгариши шароитида музликлар ва музлик кўлларининг ўзгариши, доимий музлоқ (permafrost), юқори тоғ гидрологияси, музлик кўлларининг ёрилиши билан боғлиқ тошқинлар (GLOF), сел жараёнлари ва бошқа тоғ табиий хавфларини баҳолаш масалалари ўрганилди. Шунингдек, GIS, масофадан зондлаш, GPS технологиялари ва геофизик тадқиқот усулларидан криосфера объектларини мониторинг қилиш ҳамда табиий хавфларни хариталашда фойдаланиш бўйича билим ва кўникмалар берилди.

Дастурнинг амалий қисмида иштирокчилар дала шароитида геофизик ва геодезик ўлчовларни амалга ошириш, маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, табиий хавфларни баҳолаш бўйича амалий ишлар олиб бордилар. Дала тадқиқотлари ва назарий машғулотларнинг уйғунлаштирилгани иштирокчиларга тоғли ҳудудларда кечаётган криосфера ва гидрологик жараёнларни комплекс ўрганиш имконини берди.

Summer University 2026 дастурида иштирок этиш замонавий тадқиқот усулларини ўзлаштириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, криосфера ва сув ресурсларини тадқиқ этиш соҳасида илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун муҳим аҳамият касб этди. Олинган билим ва амалий кўникмалар келгусида институтда қор-музлик жараёнлари, тоғ гидрологияси, сув ресурслари ва иқлим ўзгаришининг гидрологик жараёнларга таъсирини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотларда қўлланилади. Дастур якунида иштирокчилар Summer University 2026ни муваффақиятли тамомлаганлик тўғрисидаги сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.