Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет) ва Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) Aтом энергияси бўйича халқаро агентлик (AЭХA/МAГAТЭ) билан 2024-2025 йилларга мўлжалланган техник ҳамкорлик дастури доирасида “УЗБ7001 – Барқарор изотоплардан фойдаланган ҳолда сув ресурслари ва ифлосланиш манбаларини мониторинг қилиш учун стабил изотоп лабораториясини ташкил этиш” лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигининг ИЗ-2020113030 “Ўзбекистонда стабил изотоплардан фойдаланиб сув ресурслари ва уларнинг ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулот яратиш” мавзусидаги илмий амалий лойиҳа (2022-2025 йй.) амалга оширилди.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда стабил изотоплар лабораториясини ташкиллаштириш ҳамда лабораторияни сувнинг стабил изотоплари (водород-2 ва кислород-18) анализатори – “Picarro” ускунаси билан таъминлаш ҳисобланади. Шунингдек, лойиҳа доирасида лаборатория тадқиқотлари учун керакли материаллар ва кимёвий реактивлар сотиб олиш, дала тадқиқотларини ўтказиш, дарёлар сувидан ва атмосфера ёғинларидан намуналар олиш, намуналарни таҳлил қилиш, шунингдек соҳа мутахассислари учун тренинглар ва семинарлар ўтказиш, ёш ходимларни чет элда малакасини ошириш, илмий хизмат сафарларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида 2025 йилда ГМИТИ ҳузурида Сув сифати ва стабил изотоплар лабораторияси ташкил этилди. Ушбу лаборатория стабил изотоплар тадқиқотлари ва изотоплар гидрологияси йўналишида мамлакат миқёсида илк лаборатория ҳисобланади. Aйниқса, лойиҳа доирасида олиб келинган замонавий Picarro L2130-i лазер спектроскопик анализатори Ўзбекистонда ягона бўлиб, у сув (ёғинлар, дарё суви, муз ва қор) намуналаридаги водород ва кислороднинг изотопларини (δ¹⁸О ва δ²Н) юқори аниқликда ўлчаш имконини беради.

Жорий йилнинг 31 май-7 июнь кунлари МAГAТЭ халқаро эксперти, Словакия Фанлар Академияси Гидрология институти етакчи илмий ходими Ладислав Ҳолко томонидан Picarro L2130-i лазер спектроскопик анализатори янги ташкил этилган Сув сифати ва стабил изотоплар лабораториясида лойиҳалар раҳбари, техника фанлари номзоди Б.Э.Нишонов ва лаборатория ходимлари иштирокида ўрнатилиб, ишга туширилди. Монтаж ва синов ишлари муваффақиятли якунланиб, ускуна тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилди. Бу илмий жиҳатдан муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистонда дарёлар сувини шакллантирувчи манбаларнинг (музликлар, ёмғир, қор) дарё оқимига қўшган ҳиссаларини изотоп таҳлили орқали баҳолаш, нам ҳаво оқимларининг келиб чиқиш манбаларини, ерусти ва ерости сувларининг ўзаро таъсирларини аниқлаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, иқлим ўзгаришлари шароитида сув ресурсларини барқарор бошқариш ва режалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган илмий амалий лойиҳа доирасида 2022–2025 йилларда ГМИТИ ва Ўзгидромет ҳамкорлигида БМТ Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ва Aтом энергияси бўйича халқаро агентлик (AЭХA)нинг “Ёғинлардаги изотоплар глобал тармоғи” (GNIP – Global Network for Isotopes in Precipitation) вa “Дарёлардаги изотоплар глобал тармоғи” (GNIR – Global Network of Isotopes in Rivers)  халқаро тармоқларига кирувчи 6 та  GNIP ва
3 та  GNIR станциялари ташкил этилди. Бу тармоқлар Ер шаридаги глобал сув айланиши жараёнларини чуқурроқ тушуниш ва минтақавий иқлим, гидрологик тизимлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлаш имконини беради.

Инновацион ривожланиш агентлиги лойиҳаси доирасида ГМИТИ Сув сифати ва стабил изотоплар лабораторияси сув сифатини таҳлилини ўтказиш учун спектрофотометр, кондуктометр ва рН-метр билан жиҳозланди, шунингдек, сув оқими ва сатҳини ўлчовчи автоматик ускуна гидрологик постга ўрнатилди. 

Шунингдек, АЭХА лойиҳалари доирасида олинган, GNIP станцияларида ёғинлар намуналарини тўпловчи Palmex ускуналари GNIP станцияларига ўрнатилди.

Ушбу ташаббуслар натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёда сув изотопларини ўрганиш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланмоқда. Бу эса нафақат илмий салоҳиятни ошириш, балки минтақавий ҳамкорлик ва трансчегаравий сув ресурсларини барқарор бошқаришга ҳисса қўшади.