Геоинжиниринг лойиҳаси доирасида Ўрта Барқироқ музлиги юзасида кузатиладиган эриш жадаллигини камайтириш ва геотекстил қопламанинг самарадорлигини баҳолаш мақсадида тажриба-синов ишлари амалга оширилди. Тажриба доирасида музлик юзасининг 100 м² майдони геотекстил материали билан қопланди. Мазкур қоплама музлик юзасига тушадиган қуёш радиатсиясининг бевосита таъсирини камайтириш орқали музлик юзасидан эриш жараёнини секинлаштиришга қаратилган.

Геотекстил қопламасининг самарадорлигини миқдорий баҳолаш учун қоплама остидаги тажриба майдончасига ҳамда унга яқин жойлашган, геотекстил билан қопланмаган назорат майдончасига махсус ўлчов рейкалари ўрнатилди. Рейкалар орқали ҳар икки майдончада муз юзаси баландлигининг вақт давомида ўзгаришини аниқлаш, яъни қопланган ва очиқ муз юзаларидаги аблятсия интенсивлигини қиёсий баҳолаш имконияти яратилди. Бундай ёндашув геотекстил қопламанинг табиий муз эриш жараёнига таъсирини бевосита дала шароитида баҳолаш имконини беради.

Тажриба натижаларини аниқлаш мақсадида мазкур йилнинг октябр ойида Барқироқ музлигида такрорий геодезик ўлчовлар амалга оширилади. Бунда D-GPS ёрдамида тажриба ва назорат майдонларининг ҳолати ҳамда музлик юзаси баландликлари аниқланади, шунингдек, ўрнатилган рейкалардан саноқлар олинади. Олинган маълумотларни бошланғич ўлчовлар билан таққослаш орқали геотекстил билан қопланган ва очиқ муз юзаларида кузатилган муз эриши (аблятсия) миқдори ва интенсивлиги аниқланади.

Мазкур тажриба глобал иқлим ўзгариши шароитида тоғ музликларининг масса йўқотилишини камайтиришга қаратилган геоинжиниринг ёндашувларини амалий жиҳатдан синовдан ўтказишнинг дастлабки босқичларидан биридир. Тажриба натижалари геотекстил қопламасининг музлик юзасидаги эриш жараёнини секинлаштириш, унинг қўллаш имкониятларини аниқлаш ҳамда келгусида музликларни маҳаллий миқёсда муҳофаза қилишга қаратилган муҳандислик чораларини ишлаб чиқиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади.