Ўзгидромет ҳузуридаги гидрометеорология

илмий-тадқиқот институти

Илмий журнал


Илмий журналнинг мақсади: Ўзбекистон ва дунё миқёсида гидрометеорология фани, унинг амалий тадбиқига оид муаммолар ва ютуқлар, шунингдек, атроф-муҳит ифлосланишининг мониторинги масалаларини ёритиш.
Вазифалари: Метеорология, Гидрология, Aтроф-муҳит мониторинги, Шарҳлар ва Хотира бўлимлари доирасида илмий мақолалар, соҳага оид муҳим ахборотлар шарҳлари ҳамда мазкур фан тармоғи ривожига салмоқли ҳисса қўшган таниқли олимларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган маълумотларни даврий нашр этиб бориш.

Метеорология бўлимида метеорология, иқлимшунослик, агрометеорология ҳамда амалий метеорологиянинг долзарб муаммолари, хусусан, об-ҳаво прогнозининг синоптик ва сонли усуллари, глобал иқлим ўзгариши, унинг оқибатлари ва мослашиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини прогнозлаш усуллари, хавфли гидрометеорологик жараёнлар, биометеорология, авиацион ва космик метеорология, метеорологияда ГAТ технологиялари, атмосфера жараёнларига фаол таъсир этиш масалаларини тадқиқ этишга бағишланган илмий мақолалар чоп этилади.
Гидрология бўлимида қуруқлик гидрологияси, сув ресурслари, гидрокимё ҳамда уларда ўрганиладиган долзарб масалалар, хусусан, дарёлар оқимининг шаклланиш шароитлари, сув эррозияси ва дарё оқизиқлари, ўзан оқими динамикаси ва ўзан жараёнлари, сел оқими ва уларни прогнозлаш, гляциология ва қор қоплами мониторинги, сув объектларининг гидрологик ва гидрокимёвий режими, ер ости сувлари гидрологияси, гидрологик ҳисоблашлар ва прогнозлар, гидрологияда статистик усуллар ва математик моделлаштириш, хавфли гидрометеорологик жараёнлар, гидрологияда ГAТ технологиялари, суғориладиган ерлар гидрологияси ҳамда коллектор-дренажларда шаклланадиган оқим ва унинг минерализацияси каби йўналишлардаги тадқиқот натижалари эълон қилинади.

Aтроф-муҳит мониторинги бўлимида атмосфера, ер усти сувлари ва тупроқ ҳолати ҳамда уларнинг ифлосланиши мониторинги, жумладан, табиий муҳитларнинг кимёвий ва радиоактив ифлосланиши, гидробиологик мониторинг, ифлосланишнинг табиий ва ижтимоий-иқтисодий тизимларга таъсирини баҳолаш, биосферадаги глобал ўзгаришларни баҳолаш ва прогнозлаш усуллари, атроф-муҳит ҳолати ва ифлосланиши мониторинги самарадорлигини ошириш, моддаларнинг экотизимлардаги биогеокимёвий циклларини моделлаштиришга қаратилган илмий-амалий тадқиқот ишлари ўрин олади.

Шарҳлар бўлимида Ўзбекситон Республикаси иқтисодиёт тармоқларига гидрометеорологик хизмат кўрсатиш ва фан соҳасининг замонавий ютуқларидан амалиётда фойдаланиш масалалари ёритиб борилади. Шунингдек, бўлим доирасида фавқулодда вазиятларни юзага келтирувчи ёки аҳоли ва иқтисодиётга сезиларли зарар етказувчи хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва атроф-муҳитнинг экстремал юқори ифлосланиш даражаси, гидрометеорологик кузатув ва ўлчашларнинг янги восита ва усуллари, маълумотларни қайта ишлашнинг замонавий технологиялари ҳамда жаҳон миқёсида нашр этилган янги илмий адабиётлар, атласлар ва маълумотномалар, халқаро конференсия ва анжуманлар тўғрисидаги маълумотларга шарҳ берилади.
Хотира бўлимида Ўзбекистонда гидрометеорология хизмати ва илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган таниқли олимларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган биографик маълумотлар чоп этилади.